• Special functions

    View:

    Font size:

  • Mobile version
  • Site map
TYPE YOUR SEARCH QUERY HERE

Янги қомусимиз – ташқи сиёсатда давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш тамойили

Янги қомусимиз – ташқи сиёсатда давлат мустақиллигини мустаҳкамлаш тамойили

news

Кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакат ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларида муҳим, долзарб ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Халқимизнинг бевосита  иштирокида  тайёрланган, хорижий  тажрибага, халқаро стандартга таянган ҳамда  Ватанимиз  истиқболи ва келажагини таъминлайдиган янги Қомусимиз Ўзбекистон тарихида муҳим воқеага айланди. Янги таҳрирдаги Конституция мамкакатимиз тараққиёти стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосини яратиб, миллий давлатчиликнинг муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаб берди.

Халқаро майдонда кечаётган мураккаб геосиёсий жараён, айрим минтақалардаги умумий ҳолат ва давлатлараро муносабат кескинлашуви эътиборга олиниб, Конституциянинг 17-моддасига мамлакатимиз ташқи сиёсатини ифодаловчи қатор ўзгариш ва қўшимчалар киритилиб, қуйидагича ифодаланди:

“Ўзбекистон Республикаси халқаро  муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи  сиёсати инсон ҳуқуқлари ва  эркинликларини ҳурмат қилиш, давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланади. Ўзбекистон барча давлатлар билан дўстона ва тинчликсеварлик ташқи сиёсат олиб боради”.

Демак, республикамиз ўз ташқи сиёсатини “инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ҳурмат қилиш” асосида олиб бориши алоҳида белгилаб қўйилди. 

Ташқи сиёсатимиз минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги салоҳиятини ошириш, хорижий давлатлар билан кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли алоқани ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Янги тараққиёт стратегияси”да ҳам очиқ, прагматик ва фаол ташқи сиёсат йўналишидаги устувор вазифаларни самарали амалга ошириш орқали стратегик мақсадларга эришиш алоҳида белгиланган.

Хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалар қамровини кенгайтириш, жаҳон саҳнасида давлатимиз имижини илгари суриш, Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва демократик янгиланиш жараёни ҳақида холис ахборот тарқатишни самарали давом эттириш, хорижда миллий маданиятимиз, анъаналаримизни кенг тарғиб қилишдек вазифалар кўрсатиб берилган.

Бундай муҳим ва долзарб масалалар, хусусан, ислоҳотлар йўлида мамлакатимиз ташқи сиёсатининг замонавий халқаро муносабатларга интеграциялашуви янгиланган концепцияда акс этган.

Жаҳон узра мураккаб геосиёсий жараён давом этар экан, халқаро майдонда мамлакатимиз миллий манфаатларига мос келадиган кўп томонлама изчил ва фаол ташқи сиёсат юритиш давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, халқимиз турмушини яхшилашнинг зарур шарти ва ғоят муҳим воситаси бўлиб қолаверади.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон дипломатияси олдида замонавий талабларга жавоб берадиган, халқаро майдонда мамлакатимиз миллий-давлат манфаатларини масъулият билан ва самарали ҳимоя қиладиган янги авлод дипломатларини тайёрлашдек муҳим вазифа турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 июлдаги “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фаолиятини бошлаган Дипломатик академияда давлатимиз ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти соҳасига касбий малакаси юқори, чуқур билимга, таҳлилий кўникмага эга мутахассислар тайёрланмоқда.

                                                              

                                                               Абдурафиқ Ҳошимов, ЖИДУ ҳузуридаги

                                                               Дипломатик академия кафедра мудири