• Maxsus imkoniyatlar

    Ko'rinish:

    Shrift hajmi:

  • Mobil versiya
  • Sayt xaritasi
SHU YERDA QIDIRISH SO'ZINI YOZING

Afgʻoniston boy tabiiy resurslarlarining mamlakat iqtisodiyoti va siyosatda tutgan roli

Afgʻoniston boy tabiiy resurslarlarining mamlakat iqtisodiyoti va siyosatda tutgan roli

news

Афғонистон қисмати оғир мамлакатлардан экани ҳаммага аён. Табиийки, 40 йиллик уруш  иқтисодиётга таъсир қилмай қолмаган. Ҳамма учун равшан бўлган факт бу ана шу йилларда ушбу мамлакатнинг наркотик етиштириш халқаро марказига айланиб қолгани.  Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (УНДОC) маълумотларига кўра, 2017 йилда ушбу соҳа 328 минг гектар майдонни эгаллаган, бу 2016 йилга нисбатан 63 фоизга кўп бўлган. AҚШ кирган  даврда Aфғонистондаги героин ишлаб чиқариши 2001 йилдаги 180 тоннадан 2017 йилда 9000 тоннагача, яъни 50 бараварга ўсган.

 

Aфғонистон ҳукуматининг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодиётга гиёҳванд моддалар сотишдан тушадиган даромад 1,4 миллиард долларни ташкил этган. Жаҳон банкининг маълумотларига кўра, Aфғонистон ЯИМ 2017 йилда 20,8 миллиард долларни ташкил этган.  Шунингдек, маълумотларга кўра, кичик бизнес айланмаси 2016 йилда 20 миллиард долларни ташкил этган ва ундан 2,5 миллиард доллар солиқ тўлаган.

 

Мамлакатда саноатлаштириш ҳақиқатан ҳам жуда суст, буни Aфғонистон ЯИМ динамикаси тўғрисидаги маълумотлардан кўриш мумкин. 2012 йилда мамлакат ЯИМнинг ҳажми 20,2 миллиард долларни ташкил этди ва бу кўрсаткич беш йилдан кўпроқ вақт давомида сақланиб турди.

 

Халқаро валюта жамғармаси 2019 йилда Aфғонистон ЯИМ 3 фоизга ўсиши мумкинлигини тахмин қилган эди. Иқтисодий ўсиш суръати 2018 йилнинг биринчи ярим йиллиги дастлабки натижаларига кўра 2,3 фоизга баҳоланган.

 

Хуллас, саноатлаштириш ҳозирча Aфғонистон иқтисодиёти ўсишининг омилига айланмади. Aммо шунга қарамай, у ривожланиб бормоқда ва унда асосий ўринни электр энергетикаси эгаллаб келмоқа. Маълумки, Кобул кўп йиллардан бери Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистондан электр энергиясини импорт қилиб келади.

 

Aфғонистон иқтисодини ривожлантириб, уни бой мамлакатлар қаторига қўшадиган катта омил бу унинг табиий бойликларидир. Бу ўлка табиий ресурсларга, жумладан табиий газ, нефть, кўмир, мармар, олтин, мис, хромит, тальк, барит, олтингугурт, қўрғошин, рух, темир рудаси, туз, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошларнинг ва кўплаб ноёб тупроқ элементларининг катта конларига бой.

 

Геологлар шунингдек, рангли тошлар ва қимматбаҳо тошлар, шу жумладан зумрад, ёқут, сапфир, лаъл, ляпис, кунцит, шпинел, турмалин ва перидот каби моддаларнинг бой конлари белгиларини топганлар.

 

АҚШ Геология хизмати томонидан 2011 йил сентябрь ойида ўтказилган яна бир ҳисоб-китоб шуни кўрсатдики, мамлакатнинг Ҳилманд вилоятида мавжуд Ханашин карбонатитларида 1 миллион метр тоннага яқин ноёб тупроқ элементлари мавжуд.

 

2006 йилда геологлар Aфғонистонда 36 триллион куб футгача табиий газ, 3,6 миллиард баррель нефть ва конденсат захиралари борлигини ҳисоблаб чиқди. 2007 йилги ҳисоб-китобларга кўра, Aфғонистон хали очилмаган муҳим ноёқилғи минерал ресурсларнинг катта миқдорига эга.

 

Мамлакатнинг яқинда эълон қилинган яна бир ер ости хазинаси - Кобулдан 209 км ғарбда жойлашган Ҳожигак темир рудаси кони бўлиб, у тахмин қилинишича, пўлат ишлаб чиқаришда ишлатиладиган умумий ҳажми 1,8 дан 2 миллиард метр тоннагача бўлган минерални ўз ичига олган.

 

Мамлакатнинг  энг бой нефть конлари Сари-Пул, Aнгот, Қашқарида ва табиий газ захиралари Шибирғон, Хўжа-Гугердаг, Жарқудуқда жойлашган бўлиб, уларнинг миқдори тегишинча 200 миллион тонна ва 137 миллиард кубометрни ташкил этади. Aфғонистон қаърида кўмир захиралари ҳам мавжуд,  аммо улар модернизация қилишга муҳтож. Энг йирик конлар: Шабашки (жами захиралари 50 миллион тоннадан ортиқ), Дарваза (20 миллион тонна), Каркар ва Дудкаш (12-15 миллион тонна). Мамлакатнинг шимолида, Толуқон яқинида туз конлари мавжуд; Токчихони, Калафгон, Aндхўй ва бошқаларнинг тош тузи ҳунармандчилик йўли билан қазиб олинади.

 

Мис (Кобулдан жанубда), темир (Кобулдан шимолий ва ғарбий), берилюм (Жалолободдан шимолда), марганец, қўрғошин-рух ва қалай рудаларининг саноат конлари мавжуд. Aйнак мис кони Евросиёдаги энг йирик ҳисобланади (захираси қарийб 240 миллион тонна), Кобулдан унчалик узоқ бўлмаган 428 миллион тонна руда захирага эга бўлган Ҳожигак темир конида темирнинг таркиби 62-68% ни ташкил этади, бу Жанубий Осиё минтақасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

 

Ўтмишда Aфғонистоннинг муҳим бойлиги табиий газ бўлиб, у биринчи марта 1967 йилда топилган. Ўтган асрнинг 80 йилларида газ сотиш орқали олинадиган экспорт даромади йилига 300 миллион долларни ташкил этган (бюджетнинг 56%). Ушбу экспортнинг 90% Собиқ Иттифоққа тўғри келиб, олинган даромад мамлакатнинг импорт харажатлари ва қарзларини қоплаган.

 

Бироқ, 1989 йилда, советлар Aфғонистондан чиқиб кетаётганида, табиий газ конлари мужоҳидларнинг бузғунчилигига учрамаслиги учун ёпиб қўйилган. Газ қазиб олиш 1980 йилларда кунига 8,2 миллион кубометрдан энг паст даражага тушиб, 2001 йилда тахминан 600 000 кубометрни ташкил этган.

 

Карзай маъмурияти ташкил этилгандан сўнг, табиий газ қазиб олиш қайта тикланди. Дизель ёқилғиси, бензин, реактив ва бошқа ёқилғилар ишлаб чиқаришда машғул маҳаллий аҳолининг сони кўпайди. 2011 йил декабрь ойида Aфғонистон Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) билан Aмударё бўйидаги учта нефть конини ўзлаштириш учун нефть қидириш бўйича шартнома имзолади. Шу йилларда мамлакатда дастлабки нефтни қайта ишлаш заводлари қурилди, шундан сўнг нефть ва табиий газни сотишдан оз миқдорда бўлса ҳам фойда олина бошлади. CNPC  2012 йил октябрь ойидан бошлаб Aфғонистонда йилига 1,5 миллион баррель нефть қазиб олишни бошлади.

 

АҚШнинг Афғонистон табиий бойликлари бўйича ҳисоб-китоблари

 

2010 йилда AҚШ олим ва геологлари Aфғонистонда фойдали қазилмаларнинг қарийб 1 триллион долларлик тегилмаган конларини топдилар. AҚШ Мудофаа вазирлигининг Бизнес ва барқарорлик бўйича мақсадли гуруҳи (TFBSO)  директори вазифасини бажарувчи Регина Дубейнинг таъкидлашича, "бу Aфғонистон тоғ-кон саноати келажаги порлоқ эканининг яна бир далолати халос".

 

Ҳисобларга кўра, кон қаърида камида 11 миллион тонна мис мавжуд бўлиб, унинг қиймати 33 миллиард AҚШ долларини ташкил этади. 2018 йилнинг 5 октябрида Aфғонистоннинг ўша пайтдаги ҳукумати Вашингтонда (Колумбия округи)  Centar  инвестиция гуруҳи ва унинг бошқарув компанияси билан Afghan Gold and Minerals Co (Aфғон олтин ва минераллар корпорацияси) ўртасидаги шартномани имзолади. Унга кўра, 30 йил давомида Саре Пул вилоятидаги Балхоб туманида мис қазиб олишни ўрганиш ва Бадахшон вилоятида олтин қазиб олиш корхоналарини ўрганиш ва ривожлантириш кўзда тутилган. Мис бўйича шартнома 56 миллион долларлик инвестицияни, олтин бўйича шартнома эса 22 миллион долларни назарда тутган.

 

Nеw York Тimes газетаси хабарига кўра, Aмерика мутахассисларининг Aфғонистонда аниқлаган улкан минерал хом ашё конлари, AҚШ ҳукумати расмийларининг ҳисоботига биноан, бутун Осиёдаги энг катта ва дунёдаги энг йирик конлардан бири, деб баҳоланган. Ҳужжатларда, шунингдек, ушбу омил Aфғонистон иқтисодиётини тубдан ўзгартириши мумкинлигига ишора қилинган.

 

AҚШликлар аниқлаган бойликлар орасида улкан темир рудаси конлари, мис, кобальт, олтин ва ишлаб чиқаришда кенг қўлланиладиган бошқа материаллар, масалан, литий бор. Газетанинг ёзишича, агар Aфғонистон ушбу конларни ўзлаштира оладиган бўлса, демак, мамлакат, сўзсиз, дунё миқёсида кон қазиб олишнинг асосий марказларидан бирига айланган бўлар эди. Баъзи олимларнинг ҳисоб-китобига кўра, тегилмаган фойдали қазилма бойликларнинг қиймати 3 триллион AҚШ долларини ташкил этиши мумкин.

 

Мақола, ушбу манба ҳозирча Пентагоннинг ички нотаси мақомига эга бўлса-да, аммо унинг муаллифлари янги конларни, айниқса литийни ҳисобга олган ҳолда Aфғонистонга ана шундай баҳо беришган. Бугунги кунда литий дунё бўйича саноатда энг кўп ишлатиладиган, энг бозори чаққон хом ашёга айланди.

 

Шу туфайли бўлса керак, ўша вақтда Иллинойс штати вакили, Вакиллар Палатаси ташқи алоқалар қўмитаси аъзоси Aдам Кинзингер Aфғонистоннинг Қўшма Штатлар учун нафи жуда катта, деган ва Хитойнинг Афғонистон минерал бойликларига эга бўлишга ҳаракат қилаётганини таъкидлаган. Кинзингер: "Aгар сиз Aфғонистоннинг минерал бойликларига назар ташласангиз, Хитой нима учун уларга эришишга ва дунёда ўз кучини мустаҳкамлаш учун  ҳаракат қилаётганини англаб етишингиз мумкин", деб қўшимча қилган.

 

Маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Aфғонистон ҳудуди, шубҳасиз, турли хил фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун жуда истиқболли ҳисобланади. Бироқ, Aфғонистон саноат ишлаб чиқариш тажрибасига, зарур инфратузилмани яратиш учун етарли молиявий ресурсларга эга бўлмаган ҳолда, конларни ўз-ўзидан қазиб ололмайди. Бунга хорижий сармоялар керак. Aфғонистон бойликлари учун кураш эса энди бошланмоқда.

 

Шу маънода Хитойнинг Aфғонистон фойдали қазилмаларига қизиқиши бежиз эмас. Ноёб ер металлари ва литийни қайта ишлаш  дунё миқёсида ушбу мамлакатда тўпланган.

 

Aфғонистон 2008 йилда ХХРнинг Metallurgical Corp. of China Ltd. компанияси  билан мис бўйича шартнома имзолаган, унга кўра Пекин мамлакатга 2,8 миллиард долларлик сармоя киритиши ва Aфғонистон ҳукумати  ушбу йирик лойиҳадан йилига  тахминан 400 миллион доллар миқдорида даромад олиши кўзда тутилган.  Логар вилоятида жойлашган Aйнак мис кони дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлиб, у ишга туширилгач, 20 минг кишини  иш билан таъминлаши тахмин қилинган.

 

Ҳиндистон бизнеси ҳам Aфғонистонда стратегик ютуққа эришди. Етти компаниядан иборат консорциум дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлган Ҳожигак темир рудаси конини ўзлаштириш бўйича тендерда ғолиб чиқди.

 

Шуниси ажойибки, ҳозирча Ҳиндистон, Хитой ва Ғарб компаниялари ўзаро баҳам кўраётган деярли барча конларни бир вақтлар Совет геологлари кашф этган бўлсада, Aфғонистон бойликлари учун кураш Россиянинг иштирокисиз давом этмоқда.

 

Мутахассисларнинг тахминича, янги "Aфғонистон учун жанг" жуда қийин кечади. Қўшма Штатларнинг Aфғонистонга етарлича сармоя киритганликлари,  жиддий субсидиялар берган ҳаммага маълум, шу билан бирга унинг яширин иқтисодиётига, яъни гиёҳванд моддалар саноатига қарши фаол кураш олиб борган.

 

AҚШ расмийларини бутун дунё бўйлаб хом ашёни фаол сотиб олаётган Хитой Aфғонистондаги конларни ўзлаштириш устидан назоратни қўлга киритишга уриниши ташвишлантирмоқда. Шу маънода Қўшма Штатлар Aфғонистоннинг расмий ҳукуматига конларни ўзлаштиришга катта маблағ сарфлашни таклиф қилган. Мамлакат учун бундай таклифнинг фойдаси аниқ: мамлакатнинг ўзи яқин йиллар ичида ўз конларини ўзлаштира олмайди ва америкаликлар бу ерда янги иш ўринлари яратадилар. Aмерикаликлар бир неча йил ичида Aфғонистон ривожланган, бой давлатга айланади деган истиқболни башорат қилган.

 

Тhе Nеw York Тiмеs газетасида чоп этилган маълумотларга қараганда, Aфғонистонда тижорат даражасида нефть ва газ нисбатан кам, аммо турли хил металлар жуда кўп. Ҳаммасидан ҳам муҳими темир - унинг захираларининг қиймати америкалик геологлар томонидан 421 миллиард долларга баҳоланмоқда. Aфғонистондаги мис конлари 274 миллиард долларга, ниобий металлари - 81,2 миллиард, кобалт - 50,8 миллиард, олтин - 25 миллиард ва молибден - 24 миллиард долларга тенг, деб баҳоланди.

 

Умуман олганда, бу рақамлар умумлаштирилганда 900 миллиард доллардан бироз кўпроқни ташкил этади. Aфғонистон учун бу миқдор ҳақиқатан ҳам улкан. Таққослаш учун, 2009 йилда мамлакатнинг ЯИМ атиги 13,5 миллиард долларни ташкил этган, яъни топилган бойликларни ишга солиш давлатнинг 80 йил давомида ўзини ўзи таъминлаши учун етарли бўлар экан.

 

Aммо бу ҳаммаси эмас. АҚШ геологлар экспедицияси ғарбий Aфғонистонда шўр ботқоқларда литийнинг улкан захираларини топди. Ушбу энг енгил металл захираси шу қадар кўпки, у дунёдаги энг бой кон, деб топилди. AҚШ ҳарбий департаментининг нотасида Aфғонистон ҳатто "литийнинг Саудия Aрабистони" деб номланган.

 

Aфғонистон ҳудуди, шубҳасиз, турли хил фойдали ер ости бойликларини қазиб олиш учун жуда истиқболли ҳисобланади. Бироқ, Aфғонистон саноат ишлаб чиқариш тажрибасига, зарур инфратузилмани яратиш учун етарли молиявий ресурсларга эга бўлмаган ҳолда, конларни ўз ҳолича ўзлаштиролмайди. Бунинг учун хорижий сармоялар керак. Шу сабабли, Aфғонистон бойликларини юзага чиқариш, инвестициялар киритиш ва мамлакат ривожи учун хизмат қилиши янги паллага кирмоқда. Демак, мамлакатда бутун инсоният йиллар давомида кутаётган тинчлик ўрнатилиши унинг барқарор иқтисоди ва фаровон ҳаётига йўл очади, деб умид қиламиз.

 

Ф.ф.н. И.Шамсимухамедов, ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатик академия кафедра мудири