Жаҳон тажрибасининг кўрсатишича, сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда давлат ва жамият ўртасида ўзаро узвийликни таъминлашда очиқ ва шаффоф кўринишдаги сайлов тизими муҳим аҳамиятга эга. Чунки сайлов демократик давлатнинг муҳим белгисидир. Мажоритар ва пропорционал сайлов тизими – аралаш сайлов тизими деб юритилади. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Бельгия, Венгрия, Қозоғистон, Германия ва Испания каби давлатлардаги сайловлар ушбу тизим асосида ўтказилади. Аралаш сайлов тизимига ўтилиши шубҳасиз, сиёсий партиялар ўртасидаги соғлом рақобатни кучайтиради.
Дунёнинг ривожланган мамлакатларида синовдан муваффақиятли ўтган сайлов тартиблари мавжуд бўлиб, буларнинг ичида, айниқса, давлат қурилиши тажрибасида сайлов тизимининг мажоритар, пропорционал ва аралаш турларидан унумли фойдаланиб келинмоқда. Ҳозирги кунгача юртимизда сайлов жараёнлари мажоритар тартибда ўтказилиб, Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу сайлов тизими асосида, яъни ҳудудий бир мандатли округ бўйича сайланарди. Ўзбекистонда амалда бўлган даврдаги амалиёт ва умуман хорижий давлатлар тажрибаси мажоритар сайлов тизимининг ижобий жиҳатлари билан бирга, бир қатор ўзига хос камчиликларини намоён этди. Амалда бўлган ушбу мажоритар сайлов тизимида сиёсий партиялар фаолиятини самарали ривожлантириш, уларни ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг қудратли инструментига айлантиришга тўсқинлик қилувчи қатор концептуал муаммолар мавжуд эди. Мисол учун, мажоритар сайлов тизими “ғолиб – барча ютуқ эгаси” тамойилига асосланганлиги сабаб сайловчилар хоҳиш-истакларининг реал ҳолатини тўлиқ намоён этмайди. Бу партияларнинг, умуман, кўппартиявийлик тизимининг ривожланишига тўсқинлик яратади. Шу боис, айни дамда партияларимиз гарчи қонун ижодкорлигида тажрибаси, айрим ҳолларда бунга истаги йўқ бўлсада, таниқли, шу ҳудудда обрў-эътиборга эга кишиларни номзод қилиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Оқибатда депутатлар айрим ҳолларда парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятида фаоллик кўрсатмасдан, асосан, ўзининг маҳаллий, минтақавий манфаатларини ифодалаб келади.
Демак, янги аралаш сайлов тизими сиёсий партиялар минтақавий бўлимларининг шаклланиши ва ривожланишини рағбатлантиради, улар иши ва рақобат кураши самарадорлигини оширади. Бу эса жойларда кенг омманинг, аҳолининг сиёсий партияларга бўлган ишончини оширади, сайловчиларни фаол бўлишга ундайди. Аралаш тизим туфайли қонунчилик фаолияти сифати яхшиланади, аҳолининг депутатларга қонунчиликни такомиллаштириш бўйича мурожаатлари сони ошади, депутатлар томонидан қонунчиликка тузатишлар киритиш бўйича фаоллиги ошади, қонун чиқарувчиларнинг қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни амалга ошириш юзасидан минтақаларнинг ижро этувчи ҳокимият раҳбарларига талабчанлиги ошади. Натижада халқнинг сиёсий жараёнларга қизиқиши ортади. Партиялар, уларнинг сайловолди дастури ва сиёсий фаолияти орқали аҳолининг турли қатлам ва гуруҳларининг жамоатчилик фикри объектив тарзда ҳисобга олиниши бошланади. Бошқа томондан, профессионал парламент шаклланишига имкон беради. Унинг таркиби эса жамиятда сиёсий кучларнинг нисбатини акс эттиради. Аралаш сайлов тизими сиёсий партияларни чархлайди, чунки депутатларнинг бир қисми пропорционал асосда сайланади. Замонавий демократик жамиятда сиёсий партиялар аҳоли билан ахлоқий ишлар олиб бориш учун эмас, балки сайловларда иштирок этиш учун тузилади. Сиёсий партиялар фаол ва ташаббускор бўлар экан, аҳоли ҳам ўз-ўзидан сиёсий фаол бўлади, сиёсий онги ва маданияти юксалади.
Янги тизим Олий Мажлис палаталарининг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрнини мустаҳкамлашга, уларнинг ички ва ташқи сиёсатга оид муҳим вазифаларни ҳал этишдаги ваколатларини кенгайтиришга ҳам хизмат қилади. Барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштирокини кенгайтириш гарови бўлиб ҳам хизмат қилди. Қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишнинг амалдаги механизмларини самарадорлик нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш, мазкур жараёнларда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш орқали жамоатчиликнинг давлат бошқарувидаги ташаббускорлигини оширади. Олий Мажлис палаталарида ҳудудлар билан тўғридан-тўғри, шу жумладан , масофавий ишлаш амалиётини кенг жорий қилиш, ҳудудларни ривожлантириш ва инвестиция дастурлари муҳокамасида тегишли ҳудуддан сайланган депутат ва сенаторларнинг иштирокини кучайтиради. Депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш, улар билан тўғридан-тўғри мулоқот олиб бориш, сайловчиларни қийнаётган муаммоларни муҳокама қилиш ва ҳал этиш жараёнини фаоллаштиришга кўмаклашади. Қонунчилик палатаси бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш, парламент сайловларини илғор хорижий тажриба асосида янада такомиллаштириш имконини беради.
Аралаш сайлов тизими ҳудудий ва партиявий манфаатларни ифодалаши билан мувозанатлашган вакилликни таъминлашга хизмат қилади. Партияларга ва номзодларга овоз бериш имконияти туфайли ҳам сайловчилар учун кенгроқ танлов имкони бўлади. Аралаш сайлов тизимида партиялараро рақобатга ҳам эътибор кучаяди. Партиявий муносабатларга таъсир этувчи тизимли шарт-шароитлар ва маълум ижтимоий макондаги барча партияга тенг таъсир кўрсатадиган партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг муҳим элементидир. Партиялараро рақобат сиёсий тизимнинг соғлом ишлашини таъминлайди, аҳолини сиёсий фаол бўлишга ундайди ва бу билан жамият ривожига хизмат қилади. Сиёсий партияларнинг сайловчилар билан ишлашини самарали ташкил этишга хизмат қилади, улар олдидаги масъулият ва ҳисобдорлигини кучайтиради.
Бир сўз билан айтганда, давлат ва жамият ўртасидаги уйғунликни таъминлашда, аҳолининг сиёсий фаоллигини оширишда шубҳасиз, сиёсий партиялар ва улардан сайланган депутатларнинг ўрни катта. Халқ вакилларининг сайланишида ва уларнинг мамлакат ҳаётида кечаётган сиёсий жараёнларда фаоллик билан иштирок этишида очиқ ва шаффоф сайлов тизими зарур, деб ҳисоблайман. Жаҳон тажрибасида ўзини оқлаган аралаш сайлов тизими – фуқароларнинг сиёсий фаоллигини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Бу эса миллий парламентимиз фаолиятининг кучайишида, сиёсий партияларнинг янада жадаллашувида дебоча вазифасини ўтайди.
Абдурафиқ Ҳошимов,
ЖИДУ ҳузуридаги Дипломатия
академияси кафедра мудири.