Жорий йилнинг 19 март куни Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида илмий, академик ва сиёсий доираларда тобора оммалашиб бораётган “Ватан” ижтимоий-сиёсий, илмий маърифий журналининг инглиз тилидаги махсус сонининг тақдимоти ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари, фахрий дипломатлар, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик корпуси ва ваколатхоналари раҳбарлари (видеоконференцалоқа орқали), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, шунингдек, илмий ва академик муассасалар, халқаро ташкилотлар, етакчи хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари, ЖИДУ профессор-ўқитувчилари, талабалари иштирок этди.
Тадбирни Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев очар экан, ушбу нашрнинг аҳамиятини таъкидлаб, журнал ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, маданият, санъат ва тарих соҳаларидаги муҳим масалаларни муҳокама ва таҳлил қилиш минбарига айланганини қайд этди.
Журналнинг инглиз тилида чоп этилиши эса Янги Ўзбекистон қиёфасини илмий-академик форматда халқаро ҳамжамиятга намойиш этишда муҳим воситага айланмоқда.
Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати аъзоси, журнал бош муҳаррири Ҳусан Эрматов ўз сўзида “Ватан” журнали олимлар, сиёсатчилар, илмий тадқиқотчилар, таҳлилчилар учун ўз ғоя ва қарашларини ифода этишда яқин кўмакчи ўлароқ майдонга чиққанини айтиб, нашр барча учун очиқ эканлигини таъкидлади.
Тадбир давомида меҳмонлар журналнинг инглиз тилидаги махсус сонининг видео тақдимоти билан танишдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси муассислигида чоп этилаётган ушбу журнал Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий контент яратиш хусусидаги топшириқлари ўлароқ дунёга келган.
Журнал саҳифаларидан Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, минтақавий ҳамкорлиги ва халқаро майдондаги ўрни, тарихи, бугуни ва эртаси борасида кенг ва чуқур мушоҳада билан ёзилган мақолалар ўрин олган.
Инглиз тилидаги махсус сон саҳифалари озарбайжон шоири Акиф Бағирнинг “Ўзбек келаётир…” номли тантанавор шеъри билан бошланади.
Саҳифаларда Қудратилла Рафиқовнинг «Ўзбекистондан Янги Ўзбекистонгача йўқотилган қалбни излаб», Фарҳод Толиповнинг «Марказий Осиё минтақавий интеграция концепцияси, модели ва динамикаси», Ғайбулла Бобоёров ва Фарҳод Мақсудовнинг «“Ўзбек” этноними: Миллатимиз номи қандай пайдо бўлган?», Элмира Гулнинг «Нақшларга сингган халқтафаккури», Сергей Абашиннинг «Колонизация ва постколонизация: Марказий Осиё мамлакатлари тажрибаси», Жамшид Муслимовнинг «Миллат: Биз уни қандай тушунамиз ёки тушунмоғимиз керак?», Шамсиддин Камолиддиннинг «Тарихий хариталарда Ўзбекистон» сарлавҳали мақолалари чоп этилган.
Тақдимотда ҳар бир меҳмонга “Ватан” журналининг махсус сони
тақдим этилди.
Тадбир “Наврўз” сайлига уланиб кетди.