Ушбу саммит Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё муносабатларида янги саҳифа очди. Зеро, глобал муаммолар ва йирик ўйинчиларнинг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётган бир шароитда Европа Иттифоқи барқарор ривожланиш, ўзаро боғлиқлик ва сармоявий жозибадорлик тамойиллари асосида минтақа билан ҳамкорликни кенгайтиришга интилишини намойиш этиб, икки минтақа ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ўзбекистон учун мазкур саммит Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, сармоя ва технологияларни жалб қилиш, жаҳон миқёсида ўз ўрнини мустаҳкамлаш учун ноёб имконият бўлди, десак янглишмаган бўламиз. Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг учта асосий ташқи савдо ҳамкорларидан биридир. Бундан ташқари, минтақа мамлакатларига йўналтирилган барча сармояларнинг 40 фоиздан ортиғи Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
Кези келганда айтиш жоизки, бу қизиқишнинг яна бир асосий сабабларидан бири дунёда давом этаётган геосиёсий беқарорликдир. Халқаро майдонда глобал ўйинчилар ўртасидаги қарама-қаршилик Марказий Осиё каби минтақаларга қизиқишни оширмоқда. Гап шундаки, биз бир вақтнинг ўзида Россия Федерацияси ва Хитой Халқ Республикаси каби йирик давлатлар ўртасидамиз. Европа Иттифоқи яна бир глобал ўйинчи сифатида Марказий Осиё ўзининг ҳозирги статус-квосини сақлаб қолиши, четда қолиши ва “куч марказлари”га қўшилишга интилмаслигидан манфаатдор. Табиийки, Европа Иттифоқи учун бу борадаги энг яхши стратегия ўз инвестиция лойиҳалари, савдо ҳамкорликлари ва ўзининг сиёсий кафолатларини таклиф қилишдир. Шу нуқтаи назардан, муҳим тадбирнинг айнан юртимизда ўтказилиши Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада оширди. Саммитга мезбонлик Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлат сифатидаги ўрнини мустаҳкамлади. Мамлакат ташқи сиёсатининг очиқ, прагматик ва мулоқотга тайёр эканини кўрсатди.
Марказий Осиё жаҳон сиёсатининг муҳим геосиёсий ўйинчиси ва субъектига айланмоқда. Шу маънода, 27 аъзони ўзида бирлаштирган, 450 миллиондан зиёд аҳолига эга Европа Иттифоқи каби халқаро сиёсий ва иқтисодий кучлар билан мулоқотда тенг ҳуқуқли шерик сифатида иштирок этиш Ўзбекистоннинг дипломатик салоҳиятини мустаҳкамлайди. Айни сабабдан Самарқандда ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити халқаро муносабатлар тизимида муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда. У нафақат икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлайди, балки минтақавий барқарорлик, иқтисодий ўсиш ва сиёсий ҳамкорлик учун кенг имкониятлар эшигини очади.
Европа Иттифоқи учун Марказий Осиё муҳим ҳамкор. Шу ўринда тарихга мурожаат қилсак, олий даражадаги “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи“ форматини йўлга қўйиш ташаббуси 2022 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ва Европа кенгаши президенти Шарль Мишелнинг Остонадаги учрашуви чоғида илгари сурилганини алоҳида таъкидлаш керак. Бу ташаббус Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий доктринасига мос бўлиб, унда Марказий Осиёни бирлаштириш, шунингдек, минтақада барқарор ривожланишга, шу жумладан, самарали халқаро ҳамкорликни ривожлантириш орқали эришишга қаратилган саъй-ҳаракатлар устувор ҳисобланади.
Самарқанд саммитида умумий йўналиш ва устуворликлар белгиланди. Бу савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, тоза энергия, ўта муҳим хом ашё ресурслари, транспорт-логистика имкониятларини кенгайтириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва бошқа соҳаларни қамраб олади. Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси – “Global Gateway” муҳокама марказида бўлди, чунки ҳамкорликдан иккала минтақа ҳам манфаатдор. У 2027 йилгача бутун дунё бўйлаб 300 миллиард евролик давлат ва хусусий инвестицияларни жалб этиш, барқарор ўсишни қўллаб-қувватлаш, рақамли, энергетика, транспорт ўзаро алоқадорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот тизимларини ривожлантиришга қаратилган. Global Gatewayда Европа Иттифоқи билан иштирок этиш нафақат инвестицияларни жалб қилиш имконияти, балки Транскаспий халқаро транспорт йўналиши каби лойиҳалар доирасида транзит салоҳиятини мустаҳкамлаш воситасидир.
Самарқандда бўлиб ўтган мунозараларда коммуникациялар, муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик, атроф-муҳит муаммолари, сув ресурслари, иқлим ўзгариши ва албатта, яқин атрофимиздаги хавфсизлик вазияти бўйича ҳамкорлик масалалари қамраб олинди. Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти яшил иқтисодиётга ўтиш билан боғлиқ иқлим мақсадларига эришишга интилмоқда. Бу борада Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз мажбуриятларини олган. Мазкур глобал муаммо ва уни биргаликда ҳал қилиш учун қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш зарур. Буни ХХ асрнинг нефти деб аташ тўғрироқ бўларди. ХХІ асрда биз муҳим хом ашё деб атайдиган нарса янги муҳим саноат ҳисобланади.
Европаликлар назарида минтақамизда ишчи кучи, энг муҳими, юқори малакали ва билимли ишчи кучи бор. Марказий Осиёда ердан қазиб олинадиган ва етиштириладиган хом ашё бор. Саноат товарлари ва тўқимачилик, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам шулар жумласидан. Европа бозорларига чиқиши мумкин бўлган ва керак бўлган маҳсулотлар мавжуд. Шу боис Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё келажаги жуда порлоқ. Европа Иттифоқи Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати, шунингдек, бутун минтақа билан жуда яхши ҳамкорликни йўлга қўйган. Марказий Осиё ўзини яхлит минтақа сифатида намоён этса, бу янада самарали бўлади. Яъни Марказий Осиёнинг ички интеграциялашуви улкан имкониятларни намоён этади. Европа Иттифоқи 70 йилдан кўпроқ вақт олдин кўмир ва пўлат иттифоқи сифатида бошланган ҳолда ҳозирги кунда дунёдаги энг қудратли иқтисодий ва сиёсий блоклардан бирига айланди. Марказий Осиё ҳам келажакда шундай кучга айланиши мумкин.
Саммитда Марказий Осиё учун “Team Europe” ташаббуси доирасидаги инвестиция пакети эълон қилинди. Ушбу муҳим ҳужжат тўрт асосий йўналишга қаратилган. Транспорт, ўта муҳим хом ашё ресурслари, рақамли тармоқ, сув ва энергия транспорти боғлиқлигини ривожлантириш. 2024 йил ўтказилган Инвесторлар форумида ЕИ ва халқаро ҳамкорлар Каспий денгизи орқали ўтадиган транспорт йўлаги учун 10 миллиард евро ажратишга ваъда берди. Бу йил Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми билан бир вақтда иккинчи Инвесторлар форуми ўтказилади. Шунингдек, ўта муҳим хом ашё ресурслари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Айни йўналишда Марказий Осиёда маҳаллий саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақада иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш мақсад қилинган.
Таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик истиқболи порлоқ. Охирги 10 йил ичида “Erasmus+” дастури доирасида 10 000 талаба ва мутахассис Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алмашинувда қатнашди. Бугунги кунда Ўзбекистон таълим ва кадрлар алмашинуви соҳасида ҳам Европа Иттифоқининг етакчи давлатлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирда Тошкент шаҳрида Италиянинг Турин политехника университети, Германиянинг Гёте институти филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг март ойида Францияга амалга оширган ташрифи доирасида Ўзбекистон – Франция университетини ташкил этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим ҳамда француз тилини ўқитишни кенгайтириш тўғрисида баённома имзоланган эди. Шу боис, таълим, фан ва ёшлар сиёсатини ривожлантиришда ҳам саммит доирасида самарали платформалар яратиш кўзда тутилди. Мисол учун Erasmus+, Horizon Europe каби дастурларда Ўзбекистон иштирокини кенгайтириш, таълим ва кадрлар тайёрлаш, академик алмашинувлар, тил ўрганиш ва инновацион тадқиқотлар соҳаларида Европа Иттифоқи тажрибаси шулар жумласидандир.
Энди “яшил” ва рақамли ўзгаришлар ҳамкорлик марказида турибди. Марказий Осиё тоза технологиялар учун энг зарур хом ашё ресурсларига, улкан салоҳиятга эга. Европа фақат хом ашёни олиб кетиш эмас, балки тўлиқ қиймат занжирини яратиш, яъни қазиб олишдан қайта ишлаш ва қайта тиклашгача бўлган жараённи шакллантиришни мақсад қилади. Бу эса маҳаллий иш ўринлари яратиш, юқори экологик ва ижтимоий стандартни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда Ўзбекистон ва минтақадаги бошқа давлатлар қайта тикланувчи энергетика салоҳиятини фаол кенгайтирмоқда. Масалан, мамлакатмизда фаолият юритаётган 14 та янги қуёш ва шамол электр станцияларига қўшимча равишда умумий қуввати 24 минг мегаватт бўлган 50 дан ортиқ шундай лойиҳани амалга ошириш мақсадлари ҳақида давлатимиз раҳбари “Euronews”га берган интервьюсида тўхталиб ўтди. Боз устига, яқин беш йилда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Бу иссиқхона газлари чиқишини қарийб 16 миллион тоннага қисқартириш имконини беради ва Ўзбекистон Париж келишуви доирасида иссиқхона газлари чиқиндисини 35 фоизга камайтириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг муддатидан олдин бажарилишига имкон беради.
Хавфсизлик ҳам устувор масалалардан бири. Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё терроризмга қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштиради, хавфсизлик бўйича махсус мулоқотни йўлга қўяди. Ҳудудий хавфсизликни таъминлаш Марказий Осиё мамлакатлари учун ҳар доим устувор йўналиш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, 2023 йилда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида бу соҳадаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини экспертлар муҳокамасига олиб чиқиш вазифаси кун тартибига қўйилди. Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё ҳам, Европа Иттифоқи ҳам хавфсизлик соҳасида, жумладан, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши кураш масалаларида умумий таҳдид ва хатарларга дуч келмоқда. Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро муносабатларимизнинг асосий йўналишларидан биридир.
Марказий Осиё нафақат Европа томонидан талаб, балки алмаштириб бўлмайдиган ҳамкорга айланиб бормоқда. Германия ва Франция каби Европанинг йирик давлатлари Марказий Осиё билан икки томонлама даражада алмашувини кучайтирмоқда ва Европа Иттифоқининг бошқа аъзолари ўртасида икки томонлама келишувлар сони сезиларли даражада ошди. Сўнгги йилларда Франция ва Германия асосий эътиборни Қозоғистон ва Ўзбекистонга қаратган. Бу борада Остона ва Тошкент Европага кўп нарсаларни таклиф қилади.
Биринчи саммит якунида икки минтақа ўртасида стратегик шериклик ўрнатишни назарда тутувчи Қўшма декларация ва ўта муҳим минераллар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида декларация қабул қилиниши саммитнинг асосий натижаларидан бири бўлди. Бу ҳужжат томонларнинг стратегик шериклик ўрнатишга бўлган умумий интилишини акс эттирди. Декларация нафaқат эришилган келишувларни мустаҳкамлайди, балки минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш учун асос яратади.
Абдурафиқ Ҳошимов,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ҳузуридаги Дипломатия академияси кафедра мудири