• Maxsus imkoniyatlar

    Ko'rinish:

    Shrift hajmi:

  • Mobil versiya
  • Sayt xaritasi
SHU YERDA QIDIRISH SO'ZINI YOZING

ЎЗБЕК ДИПЛОМАТИЯ МАКТАБИ замонавий андоза ва тажрибалар асосида такомиллашмоқда

ЎЗБЕК ДИПЛОМАТИЯ МАКТАБИ замонавий андоза ва тажрибалар асосида такомиллашмоқда

news

Абдусамат ҲАЙДАРОВ,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети
ҳузуридаги Дипломатик академия директори

 

Президентимизнинг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, ўтган йил ноябрда ЖИДУ ҳузурида Дипломатик академия ташкил этилган эди. Бунинг ўзига яраша қатор асосли сабаблари бор, албатта. Хусусан, қарорда Дипломатик академияга Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, дипломатик кадрлар, жумладан, юқори бўғин дипломатлари (элчи ва маслаҳатчилар)ни тизимли равишда тайёрлаш вазифаси юкланган.

 

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида яқинда академияда юқори бўғин дипломат кадрларни тизимли асосда тайёрлаш бўйича бир йиллик курс очилди. Машғулотлар ўтиш учун муассасага юртимизнинг хорижий давлатларда катта илмий-амалий тажриба тўплаган етакчи олимлари, энг яхши амалиётчи ва экспертлар таклиф этилди. Бу масалада Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети катта ёрдам бермоқда.

 

Келгусида хорижлик нуфузли эксперт ва мутахассисларни ҳам фаолиятимизга кенг жалб этиш назарда тутилган. Чет элдаги етакчи муассасалар билан ҳамкорликда қўшма дастурлар, таълим жараёнига масофавий ўқитишни кенг татбиқ этиш, хорижлик элчилар, Тошкентдаги халқаро ташкилотлар раҳбарларини таклиф қилиш орқали бу мақсадни рўёбга чиқариш кўзда тутилган.

 

Бир йиллик курснинг илк тингловчилари учун ҳинд ҳамкасбларимизнинг Ҳиндистон ташқи сиёсати ва икки томонлама ҳамкорлик масалалари ёритилган онлайн форматдаги тақдимоти ўтказилди. Тақдимотни илгари Ҳиндистоннинг Суринам, Қозоғистон, Финляндия ва Эстониядаги дипломатик миссияси бошлиғи бўлиб хизмат қилган, ҳозир Ҳиндистон — Марказий Осиё жамғармаси президенти, элчи Ашок Шарма ўтказди.

 

Тақдимотда Марказий Осиёнинг нуфузли мутахассисларидан бири, мазкур жамғарма директори, доктор Рамакант Двиведи ҳам иштирок этди. Шу ўринда элчи Ашок Рагунатнинг кўмагини алоҳида қайд этиш зарур. Бу шахс олдин Ҳиндистон ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаган, академиямиз билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқишда фаол иштирок этган. Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Маниш Прабхатнинг ҳам мунтазам ёрдам берганини эътироф этиш даркор. У дипломат кадрларни қайта тайёрлаш бўйича уч ойлик курсимизда маърузалар ўқиди.

 

Фаолиятимизни такомиллаштириш ва ривожлантириш учун хорижий мамлакатлардаги шундай академиялар билан ҳамкорлик ўрнатиш давр талаби. Хусусан, хориждаги дипломат кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича фаолият юритаётган етакчи таълим ташкилотлари билан қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш академия фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири. Шуни ҳисобга олиб, ўтган қисқа муддатда Корея Республикаси, Саудия Арабистони ва Италия дипломатик академиялари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Миср, Қатар, Исроил билан ҳамкорлик меморандумлари лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

 

Ўқув муассасамизда юқори бўғин дипломат кадрларни тайёрлаш курсларидан ташқари малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича бошқа курслар ҳам мавжуд. Дипломатик академия турли вазирлик ва идоралар талабига кўра, қисқа муддатли курслар ташкил этади. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлиги талабига мувофиқ, чет элга хизмат сафарига кетаётган ва маъмурий-техник ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари учун қабул қилаётган давлатнинг дипломатик протоколи ва этикетининг ўзига хос хусусиятлари, у ерда яшаш тартиби, маҳаллий аҳоли билан гаплашиш қоидалари билан таништиришга йўналтирилган курслар ташкил этилди.

 

Давлатимиз раҳбарининг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тизимли ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, шунингдек, туман (шаҳар) ҳокимларининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарлари, ташқи сиёсий, иқтисодий ва халқаро-ҳуқуқий фаолият соҳасидаги мутахассислар ҳамда ходимларни қисқа ва узоқ муддатли ўқув курсларида тўлов-шартнома асосида, шу жумладан, масофавий тарзда қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш кўзда тутилмоқда.

 

Мамлакатимиз ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятини дипломатик кадрлар билан таъминлаш, соҳада илмий тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, дипломат кадрларни саралаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва захирасини яратишга қаратилаётган юксак эътибор туфайли Дипломатик академиямиз қисқа муддатда салмоқли натижаларга эришди.

 

Мана шундай эътибор натижасида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, шунингдек, Дипломатик академияда юртимизнинг жаҳон сиёсати, халқаро иқтисодий алоқалар, халқаро ҳуқуқ масалалари бўйича етакчи олимлари, амалиётчилари ва экспертлари йиғилган. Бу эса, ўз навбатида, ўзбек дипломатия мактаби ташкил этилиши танлови тўғри бўлганини амалда кўрсатмоқда.